ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Ўзбекистонда “Suv hisobi” ахборот тизими яратилади. Бу 1 апрель куни қабул қилинган “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида назарда тутилган.
“Suv hisobi” сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сув истеъмолчилари ўртасида расмийлаштирилган далолатномаларни ҳар ой якуни билан электрон шаклда тўлдириш ҳамда электрон рақамли имзолар орқали тасдиқлаш имконини беради.
2025 йил 1 январдан қуйидаги тартиб жорий этилади:
- республиканинг барча ҳудудларида “Suv hisobi” АТ жорий қилинади;
- қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда ишлатилган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни ҳисоблашда “Suv hisobi” АТ орқали тақдим этилган маълумотлар асосида солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботларини автоматик шакллантириб бериш амалиёти жорий этилади.