Тошкентда ИЭМда электр ва иссиқлик ишлаб чиқарувчи янги турбиналар қурилмоқда

Эндиликда йилига 515 млн кВт соат электр энергияси, 690 000 гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Тошкент иссиқлик электр марказида электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги лойиҳа ишга тушмоқда. Бу ҳақда марказда ташкил этилган пресс турда маълумот берилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Маълум қилинишича, Тошкент иссиқлик электр марказида йирик 2 та газ трубина қурилмоқда, лойиҳа 2021 йилда бошланган, 2024 йилнинг биринчи чорагида ишга тушади.
Ташкентская ТЭЦ
Қуввати 32 мегаватт бўлган 2 та газ трубинаси ишга туширилса, йилига 515 млн кВт соат электр энергияси, 690 000 гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Мазкур лойиҳага 115 млн доллар миқдорида маблағ ажратилган.
Ташкентская ТЭЦ

“Ҳозирги кунга келиб қурилиш майдонида 130 нафар ишчи ходимлар ишламоқда. Уларнинг хавфсизлиги, моддий таъминоти ва эҳтиёжлари Тошкент ИЭМ томонидан тўлиқ таъминланган. Газ трубиналари тўлиқ ишга тушгандан сўнг, янги 41 нафар иш ўрни яратилади”, - деди Тошкент ИЭМ муҳандиси Саидкомил Саидмуродов.

Унинг қўшимча қилишича, янги қурилмаларнинг амалиётга тадбиқ этилиши энергетика ва иссиқлик энергетика тизимларида янги қадам бўлади.
Ташкентская ТЭЦ
Шунингдек, Тошкент ИЭМда мутлақо тежамкор энергетик қурилмалар ишламоқда. Янги қурилган газ трубина қурилмаси оддий қурилмаларга нисбатан табиий газ ёқилғисига бўлган тежамкор бўлиб, атмосферага чиқаётган чиқинди гази 5,8 тоннага қисқаради.
Ишлаш жараёнида шовқини кам бўлгани учун бу қурилмаларни шаҳар шароитида қуришга рухсат берилган. Шунингдек, мазкур технологиялар 100 фоиз рақамлаштирилган.
Ташкентская ТЭЦ

“Корхонада қуввати 25 кВт соатга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилиб, ишга туширилган. Мазкур қуёш панеллари орқали йилига ўртача 45 000 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Натижада йилига 4,7 минг метр куб табиий газ тежаб қолинади”, - деди бош муҳандис Баҳодир Салихов.

Маълумот учун, Тошкент ИЭМнинг бошқа энергетик марказлардан фарқи бир марказнинг ўзида электр энергияси ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Бу Тошкентдаги ягона икки тизимли маҳсулот берувчи марказ ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент иссиқлик электр марказида қуввати 505,6 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилаётгани маълум қилинган эди.