ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Жўрабек Раҳимов Хоразм вилояти ҳокими этиб тасдиқланди. Унинг номзоди Урганчда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтаётган Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши сессиясида маъқулланди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби.
Сессияда президент Хоразм вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Жўрабек Раҳимов номзодини тавсия этди.
Номзод вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, саноатни ривожлантириш, энергетика қувватларини ошириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш, маҳаллада яшаш шароитларини яхшилаш бўйича режаларини тақдимот қилди.
Сўнг Хоразм вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Жўрабек Раҳимов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
Раҳимов 2022 йил 17 декабрида Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.
Жўрабек Раҳимов 1981 йилда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган. Тошкент давлат аграр университети битирувчиси. Мутахассислиги - олим агроном, иқтисодчи. 2016-2018 йилларда вилоятнинг Боғот, 2019-2022 йилларда Қўшкўпир тумани ҳокими бўлган.