Моддий имконияти чекланган беморларда ноёб ва мураккаб операциялар ўтказилмоқда — ССВ

Президент топшириғи асосида оғир касалликларга чалинган минглаб беморларда мураккаб операцияларни ўтказиш учун қарийб 90 миллиард сўм ажратилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Моддий имконияти чекланган ​ 4 мингга яқин беморларда мураккаб операциялар ўтказилмоқда. Бу ҳақда Cоғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, президент топшириғи асосида оғир касалликларга чалинган минглаб беморларда мураккаб операцияларни ўтказиш учун қарийб 90 миллиард сўм ажратилди.

“Сон суяги, елка, тизза бўғимларининг емирилиши билан боғлиқ хасталикларни даволашда қўлланиладиган эндопротез мосламалари баҳоси мамлакатимизда ўртача 18-20 миллион сўмга тенг. Бундай шароитда эҳтиёжманд инсонларнинг муаммолари янада ортиши табиий. Оқибатда вақт ўтиши билан хасталик зўрайиб, беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Кечикиб қилинган муолажалар эса ҳар доим кутилган натижани беравермайди”, - дейилади хабарда.

Шу сабабли оғир хасталиклардан азият чекаётган беморларда давлат ҳисобидан юқори технологик жарроҳлик операциялари ўтказилмоқда.
Акция доирасида соғломлаштириладиган беморлар икки тоифага ажратилган.
Биринчи гуруҳ — туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган болалар. Уларнинг сони — 2 минг нафар. Барчаси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари.
Улар жами 64 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига навбатсиз, имтиёзли йўлланмасиз, энг малакали шифокорлар томонидан юқори технологик операциялар орқали оғир дарддан халос этилади.
Ҳозир жараён бошланган. Жарроҳлик амалиётлари Болалар миллий тиббиёт маркази, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослашган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Самарқанд, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятлари болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Урганч филиалида ўтказилмоқда.
Иккинчи гуруҳга — катталар. Уларда бажариладиган тезкор операциялар учун давлат 22 миллиард сўм ажратди.
Беморлар рўйхати тегишли ишчи гуруҳ, жойлардаги Халқ қабулхоналари, маҳалла фаоллари иштирокида, хонадонма-хонадон ўрганишлар натижасида адолатли равишда шакллантирилди.
Бу тоифага имтиёзли йўлланмага эга беморлар киритилмади. Негаки, уларнинг даволаниш сарф-харажатлари шундоқ ҳам давлат томонидан қопланади. Муолажалар даври, тиббиёт муассасалари белгилаб қўйилган.
Ҳозир акция доирасида моддий имконияти чекланган беморларда эндопротезлаш, кардиохирургик, урологик, эндокринологик ва ички аъзоларни кўчириб ўтказиш каби ноёб ва мураккаб операциялар ўтказиш бошланган.

Мавзуга оид:

Ўзбекистонда оммавий кўриклар бошланди — рўзадор беморлар учун қулайликлар бор