ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Самарқанд шаҳрида 13 апрель куни Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирлари иштирокида Афғонистон бўйича учрашув бўлиб ўтади. Бу ҳақда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) бош котиби Сергей Лебедев маълум қилди.
14 апрель куни Самарқандда МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унинг арафасида Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирлари Афғонистон масаласини муҳокама қилишади.
“Унда Афғонистонга чегарадош давлатлар вакиллари, менинг билишимча, Хитой Халқ Республикаси ва Покистон ташқи ишлар вазирлари сингари муҳим вазирлар ҳам қатнашади”, - деди Лебедев.
Лебедев бўлажак МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгашига тўхталиб, аксарият Ҳамдўстлик мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Самарқанддаги тадбирда қатнашишларини тасдиқлаганини қайд этди.
“Ўзбекистон томони ҳам йиғилишни ўтказишга тайёрлигини маълум қилди”, - деди МДҲ бош котиби.
Унинг аниқлик киритишича, йиғилиш кун тартибидан анъанавий тарзда 2022 йилда МДҲ мамлакатлари ТИВлараро маслаҳатлашувлари якунлари ҳамда ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича ҳаракатлар дастурини амалга оширишга доир масалалар ўрин олган.