ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини Кегейли туманидаги “Ақтуба текстил” корхонасидан бошлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Илгари бу туманда саноат умуман йўқ эди. Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш бўйича қилинаётган ишлар, ҳудудлараро ҳамкорлик натижалари бу ерда ҳам сезилмоқда. Хусусан, андижонлик тадбиркорлар билан биргаликда учта лойиҳа ишга туширилди”, - дейилади хабарда.
Улардан бири – “Ақтуба текстил” йилига 3 миллион донадан зиёд трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун Германия, Япония ва Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 500 та иш ўрни яратилган. Йилига 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, ишчи аёллар билан суҳбатлашди. Чекка ҳудудларда бундай янги корхоналар очилаётгани, хотин-қизлар иш билан таъминланаётганининг аҳамиятини таъкидлаб, буни давом эттириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.