“Меҳрли мактаб“ филиаллари ташкил этилади

Мактаб филиаллари 2023-2028 йилларда босқичма-босқич, бироқ ҳар йили камида 3 та ҳудудда ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. “Меҳрли мактаб“ филиаллари ташкил этилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 134-сонли қарорида назарда тутилган.
Қарор билан “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасасининг филиаллари ташкил этилди. Унга кўра, мактаб филиаллари 2023-2028 йилларда босқичма-босқич, бироқ ҳар йили камида 3 та ҳудудда ташкил этилади.
Филиаллар гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болалар даволанаётган давлат тиббиёт муассасаларида иш бошлайди.
Филиалларнинг асосий мақсади даволанишда бўлган болаларнинг ҳаётга ижтимоий мослашувини, уларнинг мактабгача таълим ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларида таълимни давом эттиришга тайёрлигини таъминлашдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ҳукуматнинг 234-сонли қарори билан “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаси ташкил этилганди. “Меҳрли мактаб”- Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ташкил этилган таълим муассасаси бўлиб, унда Марказга даволаниш мақсадида келган болалар учун боғча ва мактаб фаолияти йўлга қўйилган.

Мавзуга оид:

“Меҳрли мактаб” Россиянинг “Учим Знаем” мактаби билан ҳамкорлик қилади