Энди аукционга қўйилган Ўзбекистондаги санъат асарларини онлайн сотиб олиш мумкин

24 апрель куни илк бор Ўзбекистонда очилган аукцион уйида санъат асарларини муносиб баҳоловчи аукцион савдо ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Энди Ўзбекистондаги санъат асарларини дунёнинг исталган нуқтасидан кўриш ва сотиб олиш мумкин. Бу ҳақда Sputnik мухбирига "Art Vernissage" компанияси директори Шавкат Султонов маълум қилди.
Ўзбекистонда илк бор санъат асарларининг “Art Vernissage” аукцион уйи иш бошлади. Биринчи аукционга Ўзбекистонда фаолият кўрсатган тасвирий санъат намоёндаларининг санъат асарлари қўйилади. Улар ичида Виктор Уфимцев, Усто Мўмин (Александр Николаев), Ўрал Тансиқбоев каби рассомлар бор.
Аукцион уйи

“Кўп йиллар республикада санъат асарларини баҳолаш методикаси ва баҳолаш ташкилотлари бўлмагани сабабли санъат асарлари бозори ривожланмади ва шаклланмади. Натижада кўплаб иқтидорли ёшлар, бўлажак етук рассом, хайкалтарош ва усталар бошқа соҳаларда фаолият кўрсатиб келмоқда. Мазкур вазиятни ўзгартириш, санъат вакилларининг орзусини рўёбга чиқариш мақсадида бизининг компания илк ташаббус билан чиқди”, - деди мутахассис.

Тошкент шаҳрида жойлашган аукцион уйи таркибида нашриёт матбаа уйи, “Аrt appraisal center” санъат асарларини баҳолаш компанияси, “Art gallery” санъат галереяси ва санъат асарларини технологик экспертизадан ўтказувчи махсус лаборатория фаолият кўрсатади.
Аукцион уйи
Санъат асарларини кўриш ва уни сотиб олиш имконияти
Аукцион уйининг 4 та: ўзбек, рус, инглиз, хитой тилига мослаштирилган онлайн платформаси ҳам мавжуд, ҳозирча 23 та картина савдо учун саралаб олинди. Асарларни саралаб олишда асосан юқори санъат даражасидаги, музейлар коллекцияларга мос ишлар танланган.
Онлайн платформа орқали дунёнинг исталган нуқтасидан санъат асарларини кўриш, уни сотиб олиш мумкин.
Ўзбекистонда сақланаётган жаҳон ижодкорларининг асарлари, эркин ижодкор ва бошқа ҳаваскорларнинг ишлари кейинги аукционларда қўйилиши режалаштирилмоқда.
Аукцион уйи
Асарларни баҳолаш жараёни
Жаҳон тажрибасидан ва миллий қонунчиликдан келиб чиқиб асарларни баҳолаш жараёни икки босқичда амалга оширилди.
Биринчи босқичда республикада етакчи санъатшунос экспертлар томонидан асарлар ҳақиқийлиги текширилиб, бадиий қиймати аниқланди. Иккинчи босқичда, Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган “Аrt appraisal center” санъат асарларини баҳолаш компаниясининг баҳоловчи-санъатшунослари томонидан ҳар бир асар бўйича баҳолаш ҳисоботлари тайёрланди.

“Ташаббус орқали Янги Ўзбекистонда санъат асарларининг коллекционерлар синфини шакллантириш, Ўзбекистон санъат асарларини дунё санъат бозорларига олиб чиқиш мақсад қилинган. Асосан тадбиркорлар орасида, санъатни севадиган ва қадрлайдиган аристократлар қатламини яратиш орқали ижодкорларга республикада санъат бозорини шакллантириш ва ривожлантириш вазифаси қўйилади”, - деди Султонов.

Аукцион уйи
Мутахассиснинг айтишича, барча аукционга кўйиладиган санъат асарлари суғурта қилинади. Бу ҳам Ўзбекистон шароитида илк маротаба амалга оширилмоқда.