Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Россия Украинанинг узоқ масофага зарба берувчи “ақлли бомба”сини тутиб олди

Мудофаа вазирлиги биринчи марта махсус операция зонасида уриб туширилган GLSDB бошқариладиган ракета ҳақида хабар берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Россия Мудофаа вазирлиги махсус операция жараёнида биринчи марта Американинг GLSDB - узоқ масофали бошқариладиган ракетаси уриб туширилгани ҳақида хабар берди.

“Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кун давомида 18 та HIMARS (АҚШ) ракеталари ва битта GLSDB бошқариладиган бомбани тутиб олди”, — дейилади хабарда.

Ушбу "ақлли бомба" Boeing ва Швециянинг Saab компаниясининг биргаликдаги ишланмаси бўлиб, у бомбага ракета двигатели уланган ва АҚШда ишлаб чиқарилган HIMARS ракета тизими орқали учирилади. Маълум баландликка етганидан сўнг, у ишлатиб бўлинган ракета қисмидан ажралади ва қанотлари ёрдамида узоқ масофаларга етиб боради. Ушбу жараёнда у бошқарилиши ҳам мумкин.
HIMARS қуролининг оддий ракеталари 80 кмга зарба берса бу "ақлли бомба" 150 километр масофагача етиб бориши мумкин. Лекин унинг ўзига хос камчиликлари ҳам бор. Ракета двигателидан ажралганидан сўнг унинг тезлиги пасайиб қолади. Иккинчидан бомбанинг манзилга етказа олиши мумкин бўлган портловчи модда миқдори ҳам оддий снарядга нисбатан бир неча баробар кам.
Хўш Киевга бундай бомба нима учун керак? Ҳарбий эксперт Алексей Леонковнинг РИА Новости мухбирига тушунтиришига кўра, бу уларга HIMARSларни фронт чизиғидан узоқроққа кўчириш учун керак.
Россия Қуролли Кучлари ҳали жанг майдонида бундай ўқ-дориларга дуч келмаган, аммо бундай объектлар билан курашиш қобилияти "Тор-М2" ва "Панцир-С1" ҳаво мудофаа тизимларида бор, деди Леонков.
Маълумот учун, Россия ҳукумати Украинага чет эл қуролларининг етказиб берилиши можарони узайтириши, Украинада қурбонлар ва вайроналар сонини ошириши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган эди.