Қозоғистон Ўзбекистон билан чегара демаркациясига оид битимни ратификация қилди

Демаркация ишлари натижасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 2 356 км чегара ўрнатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 28 март куни “Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида қозоқ-ўзбек давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Тоқаевнинг 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистонга амалга оширилган давлат ташрифи давомида икки давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартнома имзоланган эди. Ўтган йил ноябрида Қозоғистон ва Ўзбекистон демаркация комиссиясининг қўшма иши бўйича якуний баённома имзоланганди.
2003 йилда бошланган демаркация бўйича музокаралар қарийб 19 йил давом этган. Бу вақт мобайнида демаркация комиссиясининг 100 та йиғилиши ва демаркация бўйича ишчи гуруҳининг 34 та йиғилиши ўтказилди. Чегара белгиларини ўрнатиш бўйича дала ишлари 2004-2021 йилларда давом эттирилди.
Демаркация ишлари натижасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 2 356 км чегара ўрнатилиб, унга 1 301 та чегара белгилари қўйилди.