ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, икки давлат етакчилари суҳбат чоғида олий даражада эришилган келишувлар ижросининг таҳлилини батафсил кўриб чиқишган.
Мирзиёев ва ас-Сиси икки мамлакат етакчи компанияларининг энергетика, тоғ-кон, чарм ва заргарлик тармоқлари, соғлиқни сақлаш ва телекоммуникация соҳалари каби йўналишларда аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратишган.
Қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун фаол мулоқотларни давом эттириш ва қулай шароитларни шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Шу мақсадда икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 20-21 февраль кунлари расмий ташриф билан Мисрда бўлди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Миср биргаликда “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлатни боғловчи мақбул транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш ва тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олди.