Қашқадарёда тиббий чақириқларга эшакда қатнаган ҳамширага орден берилди — фото

Ҳамшира бемор ёрдамга муҳтож бўлганида эшакда етиб боради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Қашқадарёда ҳамшира Холбека Бобоқулова президент фармонига кўра II даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қашқадарёда тиббий чақириқларга эшакда қатнаган ҳамширага орден берилди
37 йилдан буён ҳамширалик фаолиятини олиб бораётган 54 ёшли Холбека Бобоқулова беморларнинг олдига эшакда қатнагани билан машҳур.
Аёл Чироқчи марказидан 30 км узоқликда жойлашган тоғли Даштқизилчорва қишлоғида яшайди. Қишлоқ фуқароларининг уйлари бир-биридан 2-3 км узоқликда жойлашган.
Ҳамшира ҳеч қандай техникага эга эмаслигини тан олади ва шунинг учун бемор ёрдамга муҳтож бўлганида, у эшакда етиб боради.
Таъкидланишича, масъуллар томонидан бир неча йил аввал қишлоққа маҳаллий тиббиёт контейнери ажратилган. Ҳозирда Холбека Бобоқулова мазкур контейнердан фойдаланмоқда.