Ўзбекистон сув ресурсларининг катта қисми апрель ойида тўпланишни бошлайди — мутахассис

Ҳозирда республикада сув захираси 116 млрд м кубни ташкил этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Ўзбекистон сув ресурсларининг катта қисми апрель ойида тўпланишни бошлайди. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган “AgroInsurance 2023” II халқаро конференциясида маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Давлатлараро сув хўжалигини координациялаш комиссияси Илмий-информацион маркази директор ўринбосари Алишер Назарий қайд этишича, иқлимнинг иссиқ даражага ўзгариши захира камайишига ва сув ресурслари тақчиллигига олиб келади.

“Сув ресурсларининг катта қисми апрель ойида тўпланади. Қишлоқ хўжалигида сув ресурслари Сирдарё ва Амударё ҳафзаларидан, қўшимча равишда ёмғир ва эриган музлардан ҳосил бўлади. 25% ёмғирдан тўпланса, 15% музларнинг эришига тўғри келади. Суғориш тизимида эса буғланиш катта ўрин тутади”, дейди Алишер Назарий.

Ҳозирда республикада сув захираси 116 млрд м кубни ташкил этмоқда. Орол денгизига Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудидаги сувлар бориб қуйилади.
Таъкидланишича, сув ресурсларининг тақчиллиги аграр соҳаси тараққиётига салбий таъсир қилади.
Санкт-Петербург аграр университети педагоги, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Антон Лавришевнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги учун 4,5 млн гектар ер майдони ишлатилмоқда, унинг 3/4 қисми суғориладиган ерларга киради. Қолган қисми ботқоқлар, шўрхок, лаълми, тупроқ ерларни ташкил этади.
“Ернинг тузланиши натижасида ҳосилдорлик 10-17% гача пасайиб кетади. Бухоро, Хоразм, Қорақалпоғистон ҳудудидаги ерлар юқори даражада тузланиб кетган. Қишлоқ хўжалигида ишлатиш учун яроқсиз ҳисобланади. Самарқанд, Тошкент ва Фарғона ерлари нисбатан тузланмаган бўлиб, ҳосилдорлиги анча юқори”, деди мутахассис.
Ернинг тузланиш даражасини йўқотишда, ер майдонларини ювиш, ер ости сувлари орқали намлатиш, эгат оралаб ва томчилатиб суғориш тавсия этилади.
“Тадқиқотларга кўра, 4 млн гектар ердан 720 000 гектар ер майдони эрозияга дуч келади. Натижада ҳосилдорлик даражаси камайиб кетади. Буни бартараф этишда биокимё тадқиқотлар ўтказиш, агрокимё лабораторияларида ер сифатини текшириш, дифференциал тарзда минерал ўғитлардан фойдаланиш лозим”, дея қўшимча қилди Лавришев.
Бунда аммофос, азот, фосфор, калий, сулфат, диаммофос каби минерал ўғитлардан фойдаланиш мумкин.
Мавзуга оид:
Ўзбекистоннинг энг ғаройиб 10 та кўли — фото.