ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Хитой раҳбарияти ХХР раиси Си Цзиньпин ва АҚШ президенти Жо Байден ўртасида телефон суҳбатини ташкил этишдан манфаатдор эмас. Бу ҳақда Рейтер ўз манбаларига таяниб хабар берди, деб ёзмоқда РИА Новости.
АҚШ маъмурияти Хитой раҳбарининг яқинда Москвага қилган ташрифи фонида Байден ва Си Цзиньпин ўртасидаги суҳбатни ташкил этишга қизиқиш билдираётганини кўрсатди.
Март ойи бошида Оқ уй матбуот котиби Жон Кирби CNN телеканалига Байден хитойлик ҳамкасби билан гаплашмоқчи эканлигини, лекин ҳали қўнғироқни режалаштирмаганини айтганди. Кейинроқ у Вашингтон музокаралар “керакли вақтда” бўлиб ўтишига умид қилаётганини, бироқ Хитой раҳбари ҳозирча “жуда банд” эканини айтди.
Агентликка кўра, Си Цзиньпин ва Байден ўртасидаги суҳбат Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш йўлидаги “биринчи қадам” бўлиши мумкин.
Лекин, америкалик дипломатларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, Хитой бу ғояга "алоҳида қизиқиш билдиргани йўқ", деди Рейтер агентлигига номи ошкор этилмаган манбалар.