ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Шимолий Корея янги сув ости ядро қуроли тизимини синовдан ўтказди, деб хабар бермоқда РИА Новости маҳаллий ОАВлар хабарига асосан.
Гап душман ҳарбий-денгиз кучларини йўқ қилиш ва “катта радиоактив тсунами” яратиш учун мўлжалланган жанговар сув ости дронлари ҳақида бормоқда.
Шимолий Корея давлат матбуотининг хабар беришича, синовларни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бошқарган ва у "душманларни ўйламасдан амалга ошираётган ҳарбий машғулотларни тўхтатиш ҳақида жиддий огоҳлантирган”.
Нашрларнинг таъкидлашича, сешанба куни Ҳамгёнгнам-до провинциясининг Йвон округи қирғоқларида сув ости зарбаси берувчи ядровий сув ости дрони синови бўлиб ўтган. Сув ости кемаси Хонвон кўрфази сувларидаги "душман порти" нишонига етган. Унинг синов каллаги пайшанба куни тушдан кейин сув остида портлатилган. Дрон Япон денгизида 80 дан 150 метргача чуқурликда 59 соат 12 дақиқа ҳаракат қилган.
Шимолий Кореянинг ядровий қуролга эга бўлган янги сув ости аппарати Жанубий Кореянинг барча портларига зарба бериш имкониятига эга. Агар у тижорат кемаларидан сувга қўйиб
юборилса, АҚШнинг Япония ва Гуамдаги базаларига етиб бориши мумкин, - деди жанубий кореялик эксперт Ким Донг Юп РИА Новостига.
Пхеньян, шунингдек, иккита "Хвасар-1" стратегик қанотли ракета ва иккита "Хвасар-2" ракетаси синовдан ўтказилганини тасдиқлади. Улар ядро қуролига тақлид қилувчи каллаклар билан жиҳозланган.