ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) референдум ўтказувчи 14 та округ комиссияларини тузди. Улар орасида ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, шифокорлар, муҳандислар, журналистлар ҳам бор, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда референдум ўтказувчи округ комиссияларини тузиш масаласи кўриб чиқилди.
Мажлис давомида комиссия аъзолари референдум ўтказувчи 14 та округ комиссияларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилишди ва уларнинг таркибларини тасдиқлашди.
Демак, референдум ўтказувчи округ комиссиялари жами 266 нафар аъзодан иборат бўлиб, шулардан аёллар 112 нафарни, яъни 42 фоизни ташкил этади.
Округ комиссиялари раҳбар (раис, раис ўринбосари ва котиб) лавозимларида аёллар 38 фоизни ташкил этмоқда. Илк бор округ комиссиялари раислигига икки нафар аёл тасдиқланди.
Шунингдек, округ комиссиялари таркибида ногиронлиги бўлган шахслар 5 фоизни ташкил этмоқда. Комиссиялар аъзоларининг 6,0 фоизи ёшлар вакиллари, 58,3 фоизи 31 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролардан иборат.
Таъкидланишича, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилади.
Қолаверса, мурожаатларни кўриб чиқиш, фуқароларга референдумга оид маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида МСК ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази ташкил этилди.