ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов бошчилигидаги мамлакат делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди, дея хабар берди “Дунё” АА.
Ўзбекистон делегацияси Афғонистон бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Ёқуб Мужоҳид, муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари ва иқтисодий тузилмалар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Унда Тошкент ва Кобул икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш каби масалаларни муҳокама қилди.
Муҳим транспорт-энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, "Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар" темир йўлини қуриш, "Сурхон–Пули-Хумри" йўналиши бўйлаб электр тармоғини тортиш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Томонлар ишнинг амалий босқичига тезроқ ўтиш зарурлигини таъкидладилар ва икки томонлама кун тартибидаги барча масалалар бўйича конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлашди.
Мулоқотлар чоғида аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш, қизларнинг Афғонистонда таълим олишини таъминлаш, шунингдек, Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида афғон кадрларини тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.