Улкан глобус ва 50 метрли қуёш соати — Мирзо Улуғбек ҳақида 5 та факт

Атоқли давлат арбоби, математик ва астроном олим Мирзо Улуғбек ҳақида 5 та факт ҳақида Sputnik материалида ўқинг.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Бугун 22 март – Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун. Улуғбек ҳокимиятни бошқарар экан, 40 йил давомида мадрасалар қуриб, илм арбобларига ҳомийлик қилди, шунингдек, буюк математик, астроном деган улуғ номларга сазовор бўлди.
Атоқли давлат арбоби, математик ва астроном олим Мирзо Улуғбек ҳақида 5 та факт ҳақида Sputnik материалида ўқинг.
Улуғбек бошқарув ишларини 15 ёшидан бошлаган
Мирзо Улуғбек 15 ёшида 1409 йилда Мовароуннаҳрни идора этишни Туркистон вилояти билан бирга Шоҳмалик ёрдамида бошқарган. У 19 ёшидан Мовароуннаҳрга мустақил идора этган. У ҳокимиятни бошқарар экан, 40 йил давомида мадрасалар қуриб, илм арбобларига ҳомийлик қилди, шунингдек, буюк математик, астроном деган улуғ номларга сазовор бўлди.
Ҳарбий юришдаги “арғай ўт” усули Мирзо Улуғбекка ғалаба олиб келди
Улуғбек ўз ҳукмронлиги давомида 2 марта йирик ҳарбий юриш қилди. У 1425 йили ўзининг Мўғулистонга қилган биринчи йирик ҳарбий юриши чоғида қўшин миқдори ҳақида душман нотўғри тасаввурга эга бўлиши учун ҳар бир жангчисига тунда беш ерда гулхан ёқишни буюрган.
Улуғбек қўллаган бу усул ҳарбий санъатда арғай ўт (мўғулча арға – алдаш, туркча – ўт, олов) деб номланади. У душманни чалғитиш мақсадида қўшин миқдорини бўрттириб, кўпайтириб кўрсатиш учун ишлатилади. Юриш Улуғбек ғалабаси билан тугаган.
Улуғбек Самарқандда иккита мадрасада дарс берган
Улуғбек Регистон ансамбли таркибида ва иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида иккита мадраса барпо этган. Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган.
Улкан глобус ва 50 метрли қуёш соати
Мирзо Улуғбек Самарқандда обсерватория қуриб, юлдузларни текширди, "Зижи Кўрагоний" номли юлдузлар харитасини тузди. ХV асрда Самарқанддаги Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонада каттагина глобус бўлган. Унда иқлимларнинг чегаралари, тоғлар, чўллар, денгизлар ва дарёлар кўрсатилган.
Ўша вақт дунёдаги иккинчи глобусни Самарқанд астрономлари ясашган. Улуғбекнинг ўлимидан кейин у мутаассиблар томонидан йўқотилган. Тарихий манбаларга кўра, Улуғбек Самарқандда баландлиги 50 метрли қуёш соати ясаган. Ушбу ноёб соат ҳам сақланиб қолмаган.
Чиннидан сарой
ХV асрнинг 40-йилларида Улуғбек Самарқанднинг Чўпонота тепалигида, деворлари чиннидан сарой бунёд эттирган. Улуғбек ва бошқа олимлар саройда самовий кузатув, илмий тадқиқотлардан сўнг ҳордиқ чиқаришган. Чиннихонанинг кўшкида рангли шишалар ишлатилган. Археологик қазишмалар жараёнида Чиннихонадан топилган тош тахтачалардан бирига “бахтли бўл” ёзуви борлиги аниқланган.