Мирзо Улуғбек ҳақида – буюк олимнинг биографияси

© Пресс-служба Министерства культуры УзбекистанаМирзо Улугбек
Мирзо Улугбек - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.03.2023
Oбуна бўлиш
Мирзо Улуғбек – Амир Темурнинг набираси, буюк ўзбек астрономи, математиги ва давлат арбоби.
Мирзо Муҳаммад ибн Шоҳрух ибн Темур Улуғбек Қўрағоний – 1394 йил 22 март куни ҳозирги Озарбайжон ҳудудидаги Султония шаҳрида, Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух Мирзо оиласида дунёга келган.
Маълумотларга кўра, 1394 йилда Амир Темур Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилади. Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида ёзилишича, Амир Темурга набираси туғилгани ҳақида хабар келтирилади ва мунажжимлар унинг ҳукмдор ва олим бўлишини башорат қилади. Темур ушбу хушхабар туфайли Мордин қалъаси қамалини тўхтатади ва унинг халқига юкланган товонни бекор қилади. Янги туғилган набирага Муҳаммад Тарағай исми берилади.
Муҳаммад Тарағай болалик йиллари бувиси Бибихонимнинг тарбиясида бўлган. 1405 йил Хитойга қилинаётган юриш бошида Темур вафот этгач, икки йил давомида унинг авлодлари ўртасида тахт учун кураш давом этади. Курашда Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрухнинг қўли баланд келади. У ўз давлати пойтахти сифатида Ҳиротни танлайди, Мовароуннаҳр пойтахти бўлган Самарқандни эса ўғли Улуғбекка топширади.
1411 йилда 17 ёшли Улуғбек Мовароуннаҳр ва Туркистоннинг ҳокими этиб тайинланади. У ёшлигида фан ва санъат турларига, айниқса, математика ва астрономияга катта қизиқиш билдиради. Улуғбек яхши таълим олган. Ажойиб хотира эгаси бўлиб, араб ва форс тилларини яхши билган, турк шеъриятидан яхши хабардор бўлган. Ўзи ҳам шеърлар ёзгани ҳақида маълумотлар бор.
CC0 / / Ulugh Beg with ladies of his harem and retainers, Timurid 1425-50, Freer and Sackler GalleriesЕдинственный прижизненный портрет Мирзо Улугбека.
Единственный прижизненный портрет Мирзо Улугбека. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.03.2023
Единственный прижизненный портрет Мирзо Улугбека.
Улуғбек 1447 йилда отасининг вафотидан хабар топгач Балхга жўнайди. Бу ерда у марҳум акаси Бойсунғурнинг ўғли Аловуддавланинг Ҳиротда Темурийлар салтанати ҳукмронлигини даъво қилганидан хабар топади. Улуғбек Алоуддавлага қарши юриш қилади ва Мурғобда бўлиб ўтган жангда у билан учрашади. Ўз жияни устидан ғалаба қозониб, 1448 йилда Ҳиротга қараб юради. Бироқ Алоуддавланинг укаси Абулқосим Бобур Мирзо унга ёрдамга келиб биргаликда Улуғбекни мағлуб этишади.
Улуғбек Балхга чекинади ва у ерда тўнғич ўғли Абдуллатиф Мирзо исён кўтарганидан хабар топади. Ички низолар бошланади. Абдуллатиф Амударё бўйида отасининг қўшинини кутиб олиш мақсадида қўшин тўплади . Бироқ шаҳардаги нотинчлик хабарини эшитиб, Улуғбек ҳеч қандай жанг бўлмасдан Самарқандга чекинишга мажбур бўлади. Абдуллатиф тез орада Самарқандга етиб боради ва Улуғбек беихтиёр ўғлига таслим бўлади. Абдуллатиф отасини ҳибсдан озод қилиб, Маккага ҳаж қилишига рухсат беради. Бироқ, манзилига етиб бормасдан туриб отаси ва укаси Абдулазизни ҳам 1449 йилда қатл қилдирди.

Илмий мероси

Улуғбек даврида Самарқанд илм-фан ўчоқлардан бирига айланган. У ерда 15 асрнинг биринчи ярмида Улуғбекнинг атрофида Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи каби таниқли астроном ва математикларни бирлаштирган катта илмий мактаб вужудга келади. У вақтлар Самарқандда Ўрта Осиё ҳақида ажойиб асар ёзган тарихшунос Ҳофизий Абру, таниқли шифокор Мавлоно Нефис, шоирлар Сирожиддин Самарқандий, Саккокий, Лутфий, Бадахшийлар ва бошқалар яшаган. Улар ўз даврининг энг илғор фикрли ва илмли кишилари бўлган
Улуғбек илмий меросининг энг асосийси, маълум ва машҳури унинг “Зиж”и бўлиб, бу асар “Зижи Улуғбек”, “Зижи жадиди Гурагоний” деб ҳам аталади. “Зиж”дан ташқари унинг қаламига мансуб математик асари “Бир даража синусини аниқлаш ҳақида рисола”, астрономияга оид “Рисолайи Улуғбек” (ягона нусхаси Ҳиндистонда, Алигарҳ университети кутубхонасида сақланади) ва тарихга доир “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”) асаридир.
Маълумотларга кўра, Улуғбек тиббиёт ва мусиқага ҳам қизиққан. Жумладан, Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида уннг шеърларидан намуналар келтириб ўтган.
Мирзо Улуғбекнинг вафотидан сўнг Самарқанчди олимлари аста-секин Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари бўйлаб тарқалиб кетади. Олимлар ўзлари борган ерларда Самарқанд олимларининг ютуқлари ва “Зиж”нинг нусхаларини ҳам етказадилар. Хусусан, Али Қушчи 1473 йил Истанбулга бориб, расадхона қуради. Шундай қилиб Улуғбекнинг ушбу йирик асари Туркияда тарқалади ва у орқали Европа мамлакатларига етиб боради. Масалан, 1638 йили Истанбулга инглиз олими ва шарқшуноси, Оксфорд университетининг профессори Жон Гривс (1602—1652) келади. Қайтишида у ўзи билан Улуғбек “Зиж”ининг бир нусхасини Англияга олиб кетади. 1648 йили аввал “Зиж”даги 98 юддузнинг жадвалини чоп этади. Ўша йилнинг ўзида Гривс “Зиж”даги географик жадвални ҳам нашр этади. 1650 йили эса у “Зиж”нинг биринчи мақоласининг лотинча таржимасини нашр этади. Гривс 1652 йили мазкур охирги икки ишни қайта нашр этади.
CC0 / / Марка СССР Мухаммед Тарагай Улугбек (1987, ЦФА №5876).Почтовая марка "Узбекский астроном и математик Улугбек". СССР, 1987 год.
Почтовая марка Узбекский астроном и математик Улугбек. СССР, 1987 год.  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.03.2023
Почтовая марка "Узбекский астроном и математик Улугбек". СССР, 1987 год.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда “Зиж” асарининг юзга яқин форсий нусхаси ва 15 дан ортиқ араб тилида нусхаси мавжуд. У мусулмон мамлакатларининг деярли барчасида ўрганилган.
Шундай бўлишига қарамай, “Зиж” асари умуман олганда тўлиқ равишда ўрганилмаган ва бирор замонавий тилга тўлиқ таржима қилинмаган. 1994 йили Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан асар илк бор рус тилидаги тўлиқ таржимаси нашр этилади. Шу йили Улуғбекнинг яна бир асари “Тўрт улус тарихи” ҳам Тошкентда ўзбек тилида нашр этилади.
Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Мирзо Улуғбекнинг самарқандлик хаттот Азизулло томонидан насх хатида тахминан 1439 йилда, Улуғбек 45 ёшда бўлганида кўчирилган “Зижи Кўрагоний”си сақланмоқда. Қўлёзма саҳифаларида Улуғбекнинг тузатишлари ҳам бор. Ушбу тузатишлар унинг дастхати, ёзуви ҳақида маълумот беради.
1417-1420 йиллар Улуғбек Самарқандда мадраса қурдириб, Регистонда барпо этилган биринчи меъморий ансамблга айланади. Ушбу мадрасага Улуғбек ислом оламининг кўплаб астроном ва математикларини таклиф этади. Қолган икки мадраса Ғиждувон ва Бухорода қурилган. Улуғбек томонидан қурилгна мадрасалар университет вазифасини бажарган. Улуғбекнинг Бухорода қурдирган мадрасаси пештоқида “Илмга интилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир” ёзуви сақланиб қолган.

Улуғбек расадхонаси ҳақида

Улуғбек расадхонаси - Самарқанд шаҳрининг энг диққатга сазовор обидаларидан бири, 15 аср меъморчилигининг нодир намунаси.
1428-1429 йилларда Улуғбек фармойиши билан Чўпонота тепалигида улкан цилиндр шаклида бунёд этилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида ёзилишича, баландлиги 30, 4 метрдан иборат 3 қаватли бино қурилган. Унда ўндан ортиқ турли астрономик қурилмалар ва асбоблар бўлган. Бобурнинг ёзишича, расадхонанинг сирти кошин ва сирли парчинлар билан безатилган. Унинг ичига ўрнатилган жуда катта асбоб ёрдамида Қуёш, Ой, сайёра ва юлдузлар катта аниқликда ўрганилган. Шунингдек, маълумотларга кўра расадхонада кутубхона бўлган. Мирзо Улуғбекнинг энг йирик астрономик асари “Зижи Кўрагоний” расадхонада яратилган. Унинг қурилиши ва кейинги илмий фаолияти Улуғбек таклифи билан йиғилган қатор машҳур олимлар Ғиёсиддин Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи ва бошқалар номи билан боғлиқ.
CC0 / / Самарканд. Внешний вид остатков обсерватории УлугбекаВнешний вид остатков обсерватории Улугбека в Самарканде. 1929 год.
Внешний вид остатков обсерватории Улугбека в Самарканде. 1929 год. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.03.2023
Внешний вид остатков обсерватории Улугбека в Самарканде. 1929 год.
XV асрда Самарқанддаги Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонада каттагина глобус бўлган. Унда иқлимларнинг чегаралари, тоғлар, чўллар, денгизлар ва дарёлар кўрсатилган. Бинобарин, дунёдаги иккинчи глобусни Самарқанд астрономлари ясашган. Улуғбекнинг ўлимидан кейин у мутаассиблар томонидан йўқотилган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Улуғбек Самарқандда баландлиги 50 метрли қуёш соати ясаган. Ушбу ноёб соат ҳам сақланиб қолмаган.
Расадхонанинг қолдиқлари 1908 йил В.Л. Вяткин раҳбарлигида олиб борилган қазилма ишлари натижасида топилган.

Мирзо Улуғбек номи билан...

1966 йилда Ўзбекистонда “Улуғбек юлдузи” фильми суратга олинди
Ёзувчи Мақсуд Шайхзода 1964 йилда “Мирзо Улуғбек” пьесасини ёзган.
Ёзувчи Одил Ёқубов “Улуғбек хазинаси” (1970-1973) романини яратган.
Ёзувчи ва шоир Хуршид Даврон “Соҳибқироннинг набираси” қиссаси ва “Алгул юлдузи ёки Улуғбекнинг сўнгги куни” пьесасини ёзган
1970 йилларда Ўзбекистонда Одил Ёқубовнинг романи асосида “Улуғбек хазинаси” кўп қисмли видеофильм суратга олинган.
1994 йил Мирзо Улуғбек йили деб эълон қилинган.
Ўзбекистон Миллий университети Мирзо Улуғбек номи билан аталади
Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидаги хиёбон ва кўчаларга Мирзо Улуғбек номи берилган.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Мирзо Улуғбек номли кўча бор
Тошкент метрополитенидаги бекатлардан бири Мирзо Улуғбек номи билан аталган.
Пойтахт туманларидан бири Мирзо Улуғбек номи билан аталган.
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Мирзо Улуғбек номи билан аталади
Самарқандда Мирзо Улуғбек музейи ташкил этилган.
Тошкент ва Самарқандда Мирзо Улуғбек шарафига ҳайкаллар ўрнатилган.
Рига шаҳридаги Кронвалда боғида, Ўзбекистон элчихонасидан узоқ бўлмаган жойда Мирзо Улуғбек ҳайкали ўрнатилган.
CC BY 3.0 / J. Sedols / Rīga, Ulugbeka piemineklisПамятник Мирзо Улугбеку в Риге.
Памятник Мирзо Улугбеку в Риге. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.03.2023
Памятник Мирзо Улугбеку в Риге.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтига Улуғбек номи берилган.
Ойнинг кўринадиган томонида, лимбнинг шимоли-ғарбий чеккаси яқинида жойлашган кратерга, шунингдек, 1977 йилда кашф этилган асосий камар астероидига Улуғбек номи берилган.
Янгиликлар лентаси
0