ТОШКЕНТ, 21 мар – Sputnik. Ўзбекистонда Рамазон ойи 23 март куни бошланади. Бу ҳақида Мусулмонлар идораси Уламолар Кенгаши маълум қилди.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорини имзолади. Унга кўра, 2023 йилги муборак Рамазон ойининг бошланиши 23 март кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди", - дейилган хабарда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари Кенгаши томонидан Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2023 йилда Рамазон ойининг биринчи куни шу йил 23 март, пайшанба кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинган.
Маълумот учун, бу йил Марказий Осиё давлатларида Рамазон ойи 23 март куни бошланади. Бу ҳақида Қозоғистон муфтийси Науризбай ҳожи, МО давлатлари муфтийлари ўзаро маслаҳатлашувига асосланиб хабар қилган эди. Шунингдек, 17 апрелдан 18 апрелга ўтар кечаси эса Қадр кечаси бўлиши ва 21 апрель - Рамазон ҳайити куни деб эълон қилиниши ҳам айтилган эди.