ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. Футбол бўйича U-20 Осиё Кубоги ғолиби, чемпионатнинг “Энг яхши футболчиси” деб топилган Аббос Файзуллаевнинг ота-онасига Умра сафарига йўлланма совға қилинди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев Гулистон шаҳрида ташкил этилган байрам тадбирларида футболчининг ота-онасига Умра сафарига йўлланма совға қилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Осиё кубогини қўлга киритган Ўзбекистон U-20 жамоаси аъзоларига ва мураббийлар штабига президент совғаси - 33 та “Gentra” автомобили топширилди.
18 март куни Ўзбекистон U-20 жамоаси Осиё Кубоги ғолиби бўлди. Финалда жамоа Ироққа қарши ўйнади ва 1:0 ҳисобида устун келди.