Табибларга ўз фаолиятини олиб боришлари учун гувоҳнома берилиши кутилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқ табобати йўналишида тиббий маълумотга эга бўлмаган фуқароларни ўқитишга оид ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Халқ табобати йўналишида тиббий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар ўқитилади ва табиблик фаолиятини амалга оширишлари учун гувоҳнома берилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Қайд этилишича, аҳолининг тиббий хизматларга бўлган эхтиёжи таҳлил этилганда, фуқаролар даволаниш учун халқ табобати усулларидан кенг фойдаланаётгани маълум бўлди.
Аксарият ҳолларда фуқароларга халқ табобати йўналишида тиббий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар хизмат кўрсатишмоқда. Ҳозирда тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларнинг сони 500 дан 3000 га яқин.
Ҳужжат лойиҳаси қабул қилинса, тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар “Халқ табобати” ихтисослиги бўйича мутахассис бўлиш ҳамда мунтазам равишда шу йўналишда ўз билимларини ошириб бориш имконига эга бўлишади.
Шунингдек, мазкур йўналишда тиббий фаолият олиб бормоқчи бўлганларга ҳам ўқиш ва малака ошириш шароитлари яратилади.
Республика халқ табобати илмий-амалий марказига халқ табобати бўйича мутахассисларни, тиббиёт ходимларини ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш юкланмоқда.
Ўқувлардан сўнг тингловчиларга табиблик фаолиятини амалга оширишлари учун сертификат ҳамда гувоҳнома берилади.