ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Хитой Халқ Республикаси (ХХР) раиси Хитой ва Россия ўртасидаги дўстликнинг янги истиқболлари сари қатъият билан ҳаракат қилиш ниятида. Бу ҳақда Си Цзиньпиннинг Россияга ташрифи арафасида ёзилган мақоласида маълум қилинди, дея хабар берди РИА Новости.
Хитойлик сиёсатчининг сўзларига кўра, унинг Россияга ташрифи дўстлик ва тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган ва у Россия етакчиси Владимир Путин билан биргаликда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича янги режаларни белгилашга ҳам тайёр.
Си Цзиньпин 70 йилдан ортиқ вақт давомида икки давлат ўртасидаги муносабатлар жуда мураккаб йўлни босиб ўтганини таъкидлади.
“Ўзаро муносабатларнинг ҳозирги даражасига осон эришилмади, шунинг учун Хитой ва Россия ўртасидаги дўстликни эҳтиёткорлик билан сақлаш керак. Россияга бўлажак ташрифим дўстлик, ҳамкорлик ва тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган. Мен Владимир Путин билан биргаликда Хитой-Россия муносабатлари кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорликнинг янги истиқболларини очишга қаратилган янги режалар ва чора-тадбирларни белгилашга тайёрман”, — деди Хитой раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, ХХР раиси 20-22 март кунлари давлат ташрифи билан Россияда бўлади. Бу унинг учинчи муддатга қайта сайланганидан кейин хорижга илк сафари.