Ўзбекистон ва Қозоғистон юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришди

Қозоғистонда "Оқ кўприк" ва "Сарыагаш" станцияларида технологик жараёнларни такомиллаштириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” хабар берди.
Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Қазақстан темір жолы" АЖ ўртасида "Сарыагаш" давлатлараро туташув пунктининг юк ўтказиш салоҳиятини ошириш учун "Оқ кўприк" ва "Сарыагаш" станцияларида технологик жараёнларни такомиллаштириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, шу йилнинг август ойига қадар "Оқ кўприк" станциясида мавжуд бўлган қабул қилиш ва жўнатиш йўлларини узайтириш ва қўшимча йўллар қурилиши якунланади.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида "Оқ кўприк" чегара пункти орқали ўтказиш имконияти кунига 30 жуфт поездидан 45 жуфт поездга оширилади. Шунга мос равишда йилига юк ташиш ҳажми 60 миллион тоннагача ошишига эришилади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришди
Музокаралар якунида икки томонлама учрашув баённомаси имзоланди.
Маълумот учун, 2022 йилда давлатлараро туташув пункти орқали юк ташиш ҳажми йилига 32 миллион тонна, ёки кунига ўртача 22 жуфт юк поездини ташкил этган.