Ислом тараққиёт банки Қорақалпоғистондаги қишлоқларни ривожлантиришга 200 млн $ ажратди

Қорақалпоғистонда маҳаллий аҳолининг фаол иштироки орқали қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ишлари олиб борилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Ислом тараққиёт банки Қорақалпоғистонда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш учун 200 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда UNDP Uzbekistan хабар берди.
Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги мониторинг миссияси доирасида делегация раҳбари Вахю Вижаянтонинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарход Эрманов, Иқтисодиёт ва Молия вазирлигининг Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ва БМТТД вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар Қорақалпоғистоннинг мақсадли ҳудудларида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасининг бориши ва лойиҳа ташаббусларини амалга оширишдаги муаммоларни муҳокама қилишди.
Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад маҳаллий аҳолининг фаол иштироки орқали қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришдан иборат.
“Бугунги кунга қадар лойиҳа 113 та қишлоқни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқди. Улардан 31 таси Қорақалпоғистоннинг 5 та туманидаги 160 та ижтимоий инфратузилма объектларини яхшилашга қаратилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ислом тараққиёт банки Ўзбекистондаги мактабларни қуриш ва таъмирлашга маблағ ажратишни режалаштиригани маълум қилинган эди. Ажратилган маблағлардан айрим мактаблар таъмирланади ҳамда янги мактаблар ва спортзаллар қурилади.