ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Бирлашган Араб Амирликларининг “Abu Dhabi Sewerage Services Company” компанияси пойтахтдаги оқава сувларини тозалашга ёрдам беради. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокими в.б Бахтиёр Раҳмонов БААнинг “Abu Dhabi Sewerage Services Company” бошқарувчи ва бош ижрочи директори Аҳмад Ал Шамси бошчилигидаги компания мутасаддилари билан учрашди.
Унда Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманининг “Сурум” МФЙ ҳудудида барпо этилиши режалаштирилган Оқава сувларни йиғиш ва тозалаш иншоотини лойиҳалаш, қуриш, бунинг учун зарур инфратузилмани яратиш, мавжуд тизимлар билан интеграция қилишга оид ташкилий ва техник масалалар кўриб чиқилди.
БАА компанияси Тошкентдаги оқава сувларини тозалашга ёрдам беради
© Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Аҳмад Ал Шамси лойиҳа ҳақида маълумот берар экан, бугунги кунда Германия ва Япония компанияларининг масъул мутахассислари иш олиб боришаётганини билдирди.
Қайд этилишича, ҳозирда мутахассислар иншоот лойиҳаси ва дизайни борасида ишламоқда. Бунинг учун шаҳарнинг ўсиш суратлари, аҳоли сони ва бунинг яқин келажакка оид прогнози ҳам муҳимлиги таъкидланди.
Лойиҳа 4 йилга мўлжалланган ва у икки компонентдан иборат. Лойиҳа тайёр бўлганда умумий ҳисобда суткасига 1,5 миллион метр куб оқава сувларни қабул қилиб, тозалайди.
Унинг ишга туширилиши “Салар”, “Бектемир” ва қисман “Бўзсув” иншоотларига йўналтирилаётган оқава сувларни тўлиқ қамраб олади.