Мирзиёев Туркияда Венгрия бош вазири билан учрашди

Ўзбекистон ва Венгрия етакчилари икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни муҳокама қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) навбатдан ташқари саммитининг асосий тадбирлари доирасида Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, учрашувда икки томонлама стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
“Мамлакатларимизнинг етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва тезлаштириш масалалари кўриб чиқилди”, - дейилган хабарда.
Етакчилар тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон ва Венгрия корхоналарининг самарали кооперацияси учун ишлаб чиқариш майдонини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратишди.
Қолаверса, Мирзиёев Орбан билан халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Анқарада Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдоған билан учрашув ўтказгани хабар қилинган эди. Ўзбекистон раҳбари ТДТ саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Анқарада бўлиб турибди.