ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон апрель ойида қўшма автомобиль заводи қурилишини бошлайди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Айнура Усенбекова маълум қилди.
“Апрель ойидан бошлаб автомобиль заводи қуришни режалаштирмоқдамиз. Июлгача заводни ишга туширишимиз керак”, - деди у.
Завод Чуй вилоятида қурилади. Йил охиригача 600 дона автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳа бир неча босқичда амалга оширилади.
“Биринчи босқичда 3 йил ичида 10 минг дона, иккинчи босқичда 20 минг ва учинчи босқичда 30 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилган”, - деди у.
Усенбекова, шунингдек, 19 та модель ишлаб чиқариш тасдиқланганини ва биринчи чиқариладиган марка Cobalt бўлишини таъкидлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи доирасида автомобиль ва тижорат техникаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганди.
Ўзбекистон томонидан лойиҳа устида "Ўзавтосаноат", Қирғизистон томонидан “ДТ Техник” МЧЖ ва “Нур” ОАЖ ишлайди.