ТОШКЕНТ, 15 мар – Sputnik. Мактабларда баҳорги таътил 20 мартдан бошланади. Бу таътил кунларини мароқли ва фойдали ўтказиш учун ўқувчилар нималар билан машғул бўлишлари керак?
Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси Алишер Халиков Sputnik мухбири билан бўлган суҳбатда болалар учун ўзининг 5 та асосий тавсиясини санаб ўтди.
Китоб ўқиш
Таътилда бола китоб мутолаасини давом эттириши керак. Бадиий адабиёт бола психикасининг ривожланиши учун жуда муҳимдир. Бунда боланинг қизиқишларидан келиб чиқиб, ёшига мос равишда бадиий китоблар ўқиши мумкин.
Экспертнинг сўзларига кўра, бола иложи борича телефон, компьютер ўйинлари ўйнамаслиги ва телевизор қаршисида ортиқча ўтирмаслиги шарт.
Тўғри овқатланиш
“Ҳар бир бола учун тўғри овқатланишни йўлга қўйиш лозим. Бу орқали кун давомида боланинг кайфияти яхши бўлиши, тетиклиги ва соғлигининг нормал ҳолати сақланади. Боланинг соат 21:00 дан кейин уйқуга ётиши мақсадга мувофиқ бўлади”, - деди мутахассис.
Бадантарбия ва жисмоний машқлар
Таътил вақтида боланинг мияси мактаб дарсликларидан бироз дам олади. Уни кўпроқ бадантарбия ва енгил жисмоний ишлар билан машғул қилиш керак. Масалан, уй шароитида гулларга қараш, уй ҳайвонларини парвариш қилиш ва ҳоказо.
Очиқ табиатга сайр
Мутахассиснинг фикрича, табиат қўйнида сайр қилиш зарур.
“Очиқ табиат қўйнига сайрлар ташкил қилса бўлади. Бунда Тошкент Ботаника боғи манзарали ва сокин макон. Менинг асосий тавсияларимдан биттаси шу бўларди, яъни таътилда болаларни табиат қўйнига олиб чиқиш, шаҳар чеккасига дам олишга олиб бориш ёки кўнгилочар жойларга саёҳат қилиш каби”, - деди Халиков.
Табиат қўйнига сайр қилиш болада атроф-муҳит билан фаол муомалага киришишни, ўзини шахс сифатида етишаётганини идрок этишни ўргатади.
Тўгаракларга қатнаш
Агар бола бирон-бир тўгарак ва мусобақаларга қатнашса, таътилда ҳам давом эттириши мумкин. Айниқса, спорт машғулотларини, чунки баҳор мавсумида ўсаётган бола организмида чиниқиш бўлади. Шунингдек, мусиқа тинглаш, расм чизиш ва шу каби қизиқарли машғулотлар билан шуғулланса бўлади.
“Таътил вақтларида ҳам бола қизиқишларини албатта инобатга олинг. Улардаги ақлий ва жисмоий ўсувчанлик айнан ўзи қизиқаётган машғулотлар билан фаол шуғулланишига боғлиқ”, - деди психолог.
Шунингдек, болаларга таътил вақтида ўзи ёқтирган ўйинчоқларни олиб бериш, шу орқали ҳар хил тўгаракларга ва фойдали машғулотларга қизиқтириш мумкин. Масалан, интерфаол ўйинлар, хорижий тилларни ўрганиш бўйича қўлланмалар, баҳор мавсумида варрак ясаш ва бошқалар. Таътил вақтида бола қанчалик кўп ижобий ҳиссиётларга эга бўлса, янги ўқув чорагига шунчалик яхши тайёр бўлади.