Энди электр, иссиқлик, газдан ноқонуний фойдаланганлар озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Электр, иссиқлик, газ ёки водопроводдан тижорат мақсадларида ноқонуний фойдаланганлар беш йилгача қамалиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Электр, иссиқлик, газ ёки водопроводдан тижорат мақсадларида ноқонуний фойдаланиш ўғрилик деб белгиланди, уларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин. Бу ҳақда ЎРҚ–822-сонли қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Қуйидаги ҳолатлар ўғрилик ҳисобланади:
умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш;
электр энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш;
ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан талон-торож қилиш.
Мазкур ҳуқуқбузарлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, ушбу ҳуқуқбузарликни оз миқдорда содир этган шахсларга маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.
Маъмурий жазо чоралари:
БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн сўмдан 6 млн сўмгача) миқдорда жарима;
ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш.