ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Бугун Олий Мажлис Сенатининг ўттиз саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Унда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси муҳокама қилинади, дея хабар берди Сенат ахборот хизмати.
Ялпи мажлисда сенаторлар, Ҳукумат аъзолари, давлат органлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Конституциясининг 78-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча Қонунчилик палатаси қарорининг (иловалари билан) Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш бўйича Конституциявий суднинг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйишга монеълик қилувчи ҳолатлар аниқланмади. Конституциявий суд томонидан ҳужжатни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида қарор қабул қилинди.