ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Россияга қарши санкциялар кўплаб мамлакатларнинг доллардан воз кечишига олиб келади, бунинг натижасида Вашингтон халқаро майдонда ўз кучини намойиш этиш имкониятини йўқотади, деб ёзади "New York Post" шарҳловчиси Жей Нюман. РИА Новости хабарига асосан.
"Доллардан воз кечиш Американинг халқаро майдондаги мавқеига кучли зарба бўлади. Чексиз миқдорда доллар чоп этиш мумкин бўлган давр тугаши мумкин ва шу билан бизнинг хорижий товарларни арзон сотиб олиш имкониятимиз даври ўтади", - деб ёзади муаллиф.
Кузатувчи таъкидлаганидек, дунёдаги юздан ортиқ давлат Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини қўллаб-қувватламади. Бунинг натижасида товарларни сотиш учун бошқа валюталардан фойдаланаш эҳтиёжи ва иқтисодий коалициялар пайдо бўлади.
Миллий валюталардан фойдаланадиган мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқалари долларга бўлган талабнинг пасайишига ва натижада унинг қийматининг тушиб кетишига олиб келади. Натижада, Нюманнинг таъкидлашича, нархлар аста-секин ўсиб боради.
"Ғарб таҳлилчиларининг долларга муқобил йўқлиги ҳақидаги фикрлари иллюзия бўлиб чиққди" - дейди журналист.
Долларнинг қулаши туфайли, дея хулоса қилди журналист, Қўшма Штатлар халқаро майдонда ўз мавқеини йўқотади, шунингдек, “қарзга ботиб қолиш" хавфи остида қолади. Бунга йўл қўймаслик учун Вашингтон стратегик рақиблар сонини қисқартириши ва "ўз иқтисодиётини тартибга келтириши" керак.
Ғарб давлатлари Москвага қарши санкциялар жорий этилиши ва Россия ёқилғисидан воз кечиш сиёсати туфайли энергия нархининг ошиши ва инфляциянинг ўсишига дуч келмоқда. Ёқилғи, биринчи навбатда, газ нархининг ошиши фонида Европада саноат рақобатдош устунликларини сезиларли даражада йўқотди, бу эса иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига ҳам таъсир қилди. Шунингдек, Қўшма Штатлар ва Европа давлатлари ўн йилликлар давомида рекорд даражадаги инфляцияга дуч келишмоқда.