ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов 12 март куни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Жидда шаҳридаги қароргоҳида ИҲТ бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа билан учрашди, деб хабар берди "Дунё".
Ҳусайн Иброҳим Тоҳанинг айтишича, сўнгги 5 йилда Янги Ўзбекистон мусулмон давлатлари билан алоқаларни сезиларли даражада оширган.
"Тошкентнинг янги сиёсати сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтиришга, ҳамда Марказий Осиё барқарорлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалаларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон қисқа вақт ичида минтақадаги қўшнилари билан ўзаро тушуниш ва шериклик муҳитини яратишга муваффақ бўлди. Бу ўз навбатида, Ўзбекистонинг ислом оламидаги роли ҳамда таъсирини кескин оширди", — деди у.
Бош котиб Ўзбекистон афғон масаласида муҳим рол ўйнашини ва Афғонистонга кўп томонлама гуманитар ҳамда иқтисодий ёрдам кўрсатиш бўйича турли лойиҳаларни илгари суриш ташаббуси билан чиқаётганини таъкидлади.
"ИҲТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ўзбекистон билан бу давлат бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва қўшма чоралар кўриш тарафдори", - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бош котибга республикада конституциявий ислоҳотлар бўйича референдум ўтказилиши ҳақида маълумот берилган.
"Бош котиб Ҳусайн Иброҳим Тоҳа сўнгги йилларда президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида эътироф этди. Шу нуқтаи назардан, у халқ орасида ҳам, халқаро ҳамжамиятда ҳам аллақачон юксак қўллаб-қувватланаётган Ўзбекистон раҳбариятининг ички ва ташқи сиёсатига мувофиқ Конституцияни янгилаш ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади", - дейилади хабарда.
Ҳусайн Иброҳим Тоҳа ушбу муҳим сиёсий тадбирда ИҲТ кузатувчилари иштирок этишини тасдиқлаган. Бош котибнинг ўзи ҳам тарихий Самарқанд шаҳрини кўриш учун Рамазон ойидан сўнг Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 18 август — Саудия Арабистонига давлат ташрифининг иккинчи кунида ИҲТ бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа билан учрашганди. Учрашувда ушбу нуфузли халқаро тузилма ҳозирги замон хатарлари шароитида ислом қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатлик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилган.