ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Баҳор фаслида об-ҳавонинг тез ўзгариши сабабли баъзи инсонларда бодомсимон безлар яллиғланиши кўп кузатилади. Ҳатто айримлар бу хасталик билан бир умр курашади. Кўринишидан оддий кўринган ушбу касалликни ўз вақтида даволамаслик, танада, хусусан, юракда жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин.
Ушбу касаллик қандай келиб чиқади? Уни даволаш чоралари қандай? Мазкур саволларга олий тоифали шифокор Шоира Абдусаттарова жавоб берди.
“Бодомсимон безлар яллиғланиши (ангина) юқумли касаллик бўлиб, эрта баҳор пайти кўп кузатилади. Бу эса ёзи илиқ ва қиши совуқ бўлган минтақалар учун ўзига хос хусусият ҳисобланади”, — дейди мутахассис.
Таъкидланишича, баҳорнинг нам, шамол ва тез ўзгарувчан ҳавосида организм турли инфекцияларга нимжон бўлади. Уни асосан оғиз бўшлиғи ёки ташқаридан тушган турли микроблар чақириши мумкин.
Булар:
вируслар;
бактериал инфекциялар.
Қайд этилишича, кучли томоқ оғриғи, қуриши, юқори тана ҳарорати хасталик белгиларидир.
Бодомсимон безлар яллиғланиши асоратлари билан хавфли ҳисобланади. Унга ўз вақтида эътибор бермаслик юрак, буйрак ва бўғимларда жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Айтилишича, яқин йилларгача ангинадан фақат уни олиб ташлаш орқалигина қутилиш мумкин, деб ҳисобланарди. Бироқ бугунга келиб консерватив даволаш усуллари орқали ҳам бу касалликдан халос бўлиш мумкин. Бироқ хасталик сурункали тусга кирса, яъни:
кучли йиринглаш, оғриқ, юқори иситма кузатилса;
ҳар 3-6 ҳафтада, йилига 7 мартадан кўп қайталанса;
йирингли жараёнлар ривожланса;
безлар катталашиб, нафас олиш қийинлашса;
консерватив даво самара бермаса;
юрак, буйрак ва бўғимларда асоратлар кузатилса, ангинани жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш тавсия этилади.