Шавкат Мирзиёев БАА президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон ва БАА президентлари кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Шавкат Мирзиёев БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари БАА президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, ушбу мамлакатнинг дўст халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Суҳбатда кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо, инвестициялар, инновация ва юксак технологиялар, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, логистика ва транспорт соҳаларидаги алоқаларни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон-БАА муносабатларида жадал ривожланиш кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Икки мамлакат қуйидаги соҳалардаги дастурларни ривожлантиришдан манфаатдор:
Нефть-кимё;
Озиқ-овқат саноати;
Инфратузилмани ривожлантириш соҳалари;
Тоғ-кон ва металлургия тармоқларида янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш молиявий-техник ҳамкорлик;
Маданий-гуманитар алмашинув.
Маълумот учун, ўтган йили Ўзбекистон-БАА ўзаро савдо ҳажми икки баробарга кўпайди. Ўзбекистонда 240 та қўшма корхона фаолият юритмоқда, лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошди.