ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти ХХР Раиси Си Цзиньпинни лавозимига қайта сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Бутунхитой халқ вакиллари йиғинининг 14-чақириқ биринчи сессиясида олий лавозимга қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллади.
Давлат раҳбарининг қутловида сўнгги йилларда Хитой Си Цзиньпин раҳбарлигида барча соҳа ва тармоқларда мисли кўрилмаган натижаларга эришгани, илмий-технологик, инновацион ва ижтимоий ривожланишда улкан ютуқларни қўлга киритгани алоҳида таъкидланган.
Халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни мутлақо янги - ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтаришга ХХР Раисининг қўшган улкан шахсий ҳиссаси қайд этилган.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан давлатларнинг кўп қиррали ҳамкорлиги бундан кейин ҳам халқлар манфаатлари йўлида жадал ривожланиб боришига ишонч билдирилган.
Ўзбекистон президенти Си Цзиньпинга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан зафарлар, дўст Хитой халқига эса тинчлик-осойишталик, бардавом равнақ ва фаровонлик тилади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши депутатларининг овоз бериш натижаларига кўра, Си Цзиньпин бир овоздан учинчи беш йиллик муддатга Хитой раиси лавозимига қайта сайланди.