ТОШКЕНТ, 8 мар - Sputnik. Тошкентдан Москвага 7 март куни амалга оширилган HY-601 сонли парвоз нима сабабдан Москванинг Домодедово аэропорти ўрнига Внуково аэропортига қўнишга мажбур бўлгани юзасидан Uzbekistan Airways авиакомпанияси тушунтириш берди.
Таъкидланишича, Тошкент – Москва йўналишидаги авиақатнови ҳаво кемаси Домодедово аэропортининг об-ҳаво шароити (учиш-қўниш йўлагининг ҳолати хавфсиз қўнишни амалга ошириш учун зарур талабларга жавоб бермаганлиги) сабабли Внуково халқаро аэропортига мажбурий қўнишни амалга оширди.
HY-601 авиақатнови ҳаво кемаси сардори йўловчиларга йўналиш Внуково муқобил аэропортига ўзгаргани ҳақида маълумот берди. Об-ҳаво яхшилангани ва ҳаво кемаси Домодедово халқаро аэропортига учиб кетишга тайёр бўлганидан сўнг, экипаж парвозга тайёрлигини эълон қилди. Афсуски, ҳаво кемаси бортида аёл ўзини ёмон ҳис қилаётгани маълум бўлди, экипаж шифокорларни чақиришга мажбур бўлди, бу эса учиб кетиш вақтининг кечикишига таъсир қилди. Шу пайтда Домодедово халқаро аэропортидаги об-ҳаво яна кескин ёмонлашди ва бу кейинги кечикишга олиб келди.
Кейинчалик ҳаво кемасидаги барча 210 йўловчини Внуково халқаро аэропортига тушириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
"Uzbekistan Airways АЖ ахборот хизмати авиакомпания учун парвозлар хавфсизлиги юқори ўринда туришини эслатиб ўтади. Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилар ва уларни кутиб олувчилардан узр сўраймиз", - дейилади компания хабарида.