ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Ўзбекистонда 29 номдаги туз маҳсулотлари намуналари синовдан ўтказилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамкор ташкилотлар билан бирга 29 номдаги туз маҳсулотлари намуналарини синовдан ўтказди.
“Ачинарлиси, 22 номдаги ош тузининг яъни, 76 фоизи лаборатория натижаларига кўра амалдаги талабларга номувофиқ деб топилди. Уларда йод миқдори камлиги маълум бўлди”, дейилади хабарда.
Йод миқдори кам ош тузлари:
“Идеал” ош тузи;
“Дунё” ош тузи;
“Саховат” ош тузи;
“Кафолат”ош тузи;
“Сафо” ош тузи;
“Озода-уз” ош тузи;
“Барака” ош тузи;
“Ошпаз” ош тузи;
“Орол” ош тузи;
“Ягона ишонч” ош тузи;
“Сафир” ош тузи;
“Зарафшон кумуш тузи”, “Салина”, “Азия” ва “Мелкая” ош тузлари;
“Ош тузи” ва “Файзли” ош тузлари.
Туз маҳсулотларини харид қилишдан аввал унинг қадоғидаги қуйидаги маълумотларни текшириш лозим:
маҳсулот номи, сорти ва ҳажми;
йодланган қўшимчанинг номи;
таркибидаги ёд миқдори;
нетто оғирлиги (кг);
ишлаб чиқариш санаси (кун, ой, йил);
сақлаш муддати;
сақлаш шартлари;
мазкур стандартда кўрсатилган бошқа маълумотлар.
Қайд этилишича, озиқ-овқат маҳсулотларида унинг сифати, ташқи қадоғидаги ахборотларнинг мавжудлиги ва санитария-эпидемиологик хулосаси бўлмаса Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 1159 “Call маркази” ёки info@antimon.gov.uz электрон почтасига хабар юбориш мумкин.
Маълумот учун, ҳар йили дунёда 38 миллионга яқин бола йод танқислиги хавфи билан туғилади. Қолаверса, бу модда етишмаслиги қалқонсимон без ва овқат ҳазм қилиш органлари фаолияти билан боғлиқ турли жиддий касалликларни келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, тирноқларнинг табақаланиши, соч тўкилиши, тери қуруқлашуви, уйқучанлик, чарчоқ ҳам организда йод тақчиллиги аломатларидандир. Шу сабабли бу каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида дунёда ош тузини йодлаш амалиётидан кенг фойдаланилади.