ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Автомактаб ўқитувчилари Ички ишлар вазирлиги Академиясида малака оширади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатидан ўтказилган тегишли низомда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, таълим ташкилотлари ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларини шартнома асосида қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан амалга оширилади.
Малака ошириш ҳар 3 йилда бир марта олиб борилади. Бунда тингловчилар асосий иш жойидан ажралган ҳолда ўқитилади.
Ўқув жараёни 25 нафардан ортиқ бўлмаган тингловчидан иборат гуруҳларда ташкил қилинади. Мазкур курсларда ўқиш учун талабгорлар Академиянинг расмий веб-сайти орқали ариза билан мурожаат қилади.
Ариза келиб тушган кундан эътиборан 3 иш куни ичида ўрганиб чиқилиб, камчиликлар аниқланмаган тақдирда Академия ва талабгор ўртасида шартнома тузилади.
Тўлов миқдорлари:
ҳайдовчи-йўриқчиларни қайта тайёрлаш, шунингдек малакасини ошириш курсларининг ҳар бири учун – БҲМнинг 4,5 баравари (1 млн 350 минг сўм);
ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курси учун – БҲМнинг 4 баравари (1,2 млн сўм), уларнинг малакасини ошириш курси учун – БҲМнинг 7 баравари (2,1 млн сўм).
Тингловчиларга уларнинг ўқув жараёнида иштирокини таъминлаш ҳамда ўқув дастурларини ўзлаштиришда тьютор (ўқитувчи-консультант) ёрдамлашади.
Қайта тайёрлаш курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчига диплом, малака ошириш курсини тамомлаган тингловчига эса сертификат тақдим этилади.