ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Самарқанд шаҳрида 18–19 март кунлари II миллий каштачилик республика кўргазма-савдоси ўтказилади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Унда Ўзбекистоннинг барча ҳудудида каштачилик йўналишида фаолият юритаётган ҳунармандларнинг маҳсулотлари тақдим этилади.
“Мазкур тадбирнинг бу йилгиси Самарқандда ўтказилишида ўзига хос анъана бор, Самарқанд кўҳна шаҳар ва бошқа ҳудудлар сингари миллий ўзбекона урф-одатлар ва қадриятларни ҳам бағрига сингдирган. Ўйлайманки, тадбир ҳам ўзига хос шукуҳда инсонлар қалбида қолади”, - деди “Hunarmand” уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Хотамова.
Дастурда Гулнора Одилова, Мавлуда Ҳамдамова, Насиба Исҳакова ва шу каби тажрибали каштачиларнинг маҳорат дарслари ва учрашувлар ўрин олган, шунингдек, қизиқувчилар учун кашта тикиш жараёнидан видеорепортажлар ташкил этилади.
Тадбир давомида Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида Ҳунармандлар майдонининг Истироҳат боғи, Алишер Навомий кўчаси каштачилар маҳсулотлари билан безатилади. Истаганлар миллий маҳсулотларни ҳарид қилишлари мумкин.
Маълумот учун, мазкур тадбир илк бор 2018 йили Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган. Унда турли ҳудудлардан 300 дан ортиқ ҳунармандлар иштирок этишган.