Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди – видео, фото

Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини батафсил кўриб чиқдилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 мар - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрига келгач, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Озарбайжон етакчиси 2 март куни Бокуда бўлиб ўтадиган Қўшилмаслик ҳаракати саммитини қўллаб-қувватлагани ва унда шахсан иштирок этаётгани учун Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Озарбайжон ушбу тузилмага самарали раислик қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди
Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини батафсил кўриб чиқдилар. Тизимли ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойигани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш 50 фоиздан зиёдга ошди. Автомобилсозлик, тўқимачилик саноати ва ипакчилик каби устувор тармоқлардаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирди. Нефть-газ, транспорт ва логистика соҳаларида истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда.
Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди
Шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбарлари долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиб, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.
Учрашув ҳар доимгидек очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтди.