ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Энди ички ишлар ходимлари ҳар куни мактаблар ва унинг атрофида навбатчилик қилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Бош бошқарма томонидан пойтахтдаги барча мактабларга ички ишлар органлари ходимлари бириктирилди.
Улар ҳар куни эрталаб соат 7:00 дан бошлаб кун бўйи мактаблар ҳудудидаги вазиятни назорат қилади.
Ҳозирда мактаблар атрофидаги ҳудудда яхши ёритилмаган ва кимсасиз кўчалар аниқланиб, мунтазам патрул хизмати ташкил этилди.
Кундузи болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мактаблар атрофидаги кўчаларда патрул хизмати ходимлари патруллик қилмоқда.
Бундан ташқари, мактабларда ишлайдиган психолог инспекторлар ҳар бир синфнинг ота-оналари билан боғланиш учун барча мактаб телеграм гуруҳларига киритилган.
“Сўнгги 5 йил давомида пойтахтда болалар ўғирлиги бўйича бирорта ҳам жиноят иши қўзғатилмаган. Ўтган йил давомида 232 нафар бола қидирувга берилган бўлиб, уларнинг барчаси қисқа вақт ичида топилган”, дейди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Азиз Ташпулатов.
Таҳлилларга кўра, аксарият ҳолларда вояга етмаганлар оила аъзолари билан ўзаро келишмовчилик ва жанжал туфайли уйларини тарк этган. Шунингдек, адашган ёш болалар қидирувга берилгани аниқланди.