ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистонда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар берилиши босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш Навоий ва Сирдарё вилоятларида 1 июлдан, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида 1 октябрдан, республиканинг бошқа ҳудудларида 2024 йил 1 январдан бошлаб электрон шаклга ўтказилади.
Хабарга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқланади.
Шунингдек, 2023 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилади. 2023 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган шахсларни амбулатор ва стационар шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўлами 30 минг нафарга етказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 18-40 ёшли 12,6 миллион аҳоли профилактик кўрикдан ўтказилиши ҳақида маълум қилинганди.