ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 март куни Америка Қўшма Штатлари давлат котиби Энтони Блинкен бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар масалалар бўйича ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилди.
АҚШ вакили Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик янгиланишларни ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо берди.
"Айниқса, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлашда, мажбурий меҳнатга қарши курашишда, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларда, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда ва кўплаб бошқа йўналишларда эришилган катта муваффақиятлар алоҳида қайд этилди", - дейилади хабарда.
Ундан ташқари, АҚШ расмийси билан “яшил” энергетикани ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.