ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. 2023 йил давомида Тожикистонда Орол денгизининг экологик муаммоларига бағишланган тадбирлар ўтказилади. Бу ҳақда республика Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги матбуот хизматига таяниб Sputnik Тожикистон хабар берди.
Хусусан, 5-7 июнь кунлари Душанбе шаҳрида Орол денгизини қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади.
Шунингдек, Душанбеда 14 ва 15 сентябрь кунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви муносабати билан Орол денгизини қутқариш жамғармаси таъсисчилари – давлатлар президентларининг учрашуви бўлиб ўтади.
Марказий Осиё давлатлари музликларнинг эриши ва чўлланиш туфайли озиқ-овқат хавфсизлигида жиддий таҳдидларга дуч келиши мумкин.
Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 млн гектар майдонда саксовул, черкез, қандим каби шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил қопламалар барпо этилган. Эътиборлиси, чўл ўсимликларининг кўкариши бўйича яхши натижаларга эришилмоқда. Бу йил ҳам Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилашга қаратилган ишлар давом эттирилади. Айни шу мақсадда Орол денгизининг қуриган тубида саксовул экиш мавсуми бошланган.
Орол денгизининг қуришига оид экологик вазият жаҳон диққат марказида бўлиб келмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси билан Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилинган.
Ўтган йили Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон Орол денгизини қутқариш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилган эди. Қозоғистон томони Минтақавий сув-энергетика консорциумини тузишни таклиф қилмоқда. Бу ирригация ва энергетика манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ресурслардан фойдаланиш имконини беради.