Икки йилда 227та туғуруқ мажмуаси тўлиқ таъмирланади

Тошкент шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон акушер-гинекологлар ассоциацияси билан ҳамкорликда илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. 2025 йилгача Ўзбекистонда 227 та туғуруқ комплекси, 46 та туманлараро перинатал марказ тўлиқ таъмирланади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон акушер-гинекологлар ассоциацияси билан ҳамкорликда илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
“Ҳар қандай мамлакатнинг тиббиёт тизимини баҳолашда, энг аввало, оналар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати эътиборга олинади”, - деди анжуманда сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова.
Таъкидланишича, 2022–2025 йилларда 227 та туғуруқ комплекси, 46 та туманлараро перинатал марказни тўлиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш учун халқаро молия муассасаларининг грант ва кредит маблағлари жалб қилинади.
Конференцияда бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида бир неча турдаги мураккаб фетал жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинаётгани, саратоннинг 12 турига ташхис қўйиш имконияти яратилгани алоҳида таъкидланди.
Анжуманда, шунингдек “Акушер-гинеколог қўлланмаси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.