Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун Миср агротехнологиясини қўлламоқчи

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Миср қишлоқ хўжалиги тадқиқотлар маркази ва Миср пахтачилик институти билан ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 фев — Sputnik. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида Миср агротехнологияси қўлланилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов бошчилигидаги делегация Миср қишлоқ хўжалиги тадқиқотлар маркази ва Миср пахтачилик институтида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтариш юзасидан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида миср агротехнологияси қўлланилади
Қайд этилишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (АКИС) ҳамда Миср қишлоқ хўжалиги тадқиқотлар маркази ҳамкорлик қилади.
Ҳамкорликда қуйидагича тадқиқотлар ўтказишга келишилди:
Узумнинг уруғсиз навлари селекцияси, чорвачилик, балиқчилик соҳаларини ривожлантириш;
Қанд лавлаги етиштириш.
Шунингдек, учрашув давомида мисрлик олимлар билан ҳамкорликда ингичка толали ғўзанинг касаллик ва зараркунандаларга, шўрланиш ва сув танқислигига ҳамда аномал иссиқ ҳароратга чидамли эртапишар, серҳосил янги навларини яратиш бўйича селекция ишларини йўлга қўйишга келишилди.
Шу билан бирга, Тошкент давлат аграр университети ва Мисрнинг Айн Шамс университетлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди.
Ўсимликлар ҳимояси, агрономия, селекция ва уруғчилик, биотехнология, қишлоқ хўжалиги механизацияси йўналишларида қўшма ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва қўшма факултетларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.