ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. Ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудуди илиқ ҳаво массаси таъсири остида бўлади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Ҳарорат фони нисбатан текис бўлади. Ҳаво ҳарорати асосан кечалари +2...+7° илиқ, кундуз кунлари +13...+18° илиқ, айрим кунларда +20...+22° илиқгача бўлади.
Ҳафтанинг катта қисмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 22 февраль куни республика бўйича баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, шимолий ҳудудлар, энг чекка жануб ва Фарғона водийсида ёғингарчилик кутилмайди.
Айрим жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди. Жума куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Россиянинг Европа қисми устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массаси кириб келиши бошланади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 24 февраль куни баъзи жойларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, кундузги ҳарорат +3...+6° илиқгача пасаяди. Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.
Дам олиш кунлари совуқ ва нам ҳаво массасининг кириб келиши республиканинг барча ҳудудларига тарқалади.
Пойтахтда 20-24 февраль кунлари ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, фақат 22 февралда кунннинг иккинчи ярмида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат асосан кечалари +3...+6° илиқ, кундуз кунлари +16...+20° илиқ, 22 февралда +14...+15° илиқ бўлади.