ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. 2–3 март кунлари Тошкент шаҳридаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “HOTEL BUSINESS FORUM-2023” тадбири бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, тадбир “Меҳмондўстлик тенденциялари: хизмат кўрсатиш соҳасида ҳамкорликдан IT ечимларигача. Ўзбекистондаги меҳмонхоналар. Лойиҳалар ва бинолар” мавзусига бағишланади. У Ўзбекистон Отельерлар ассоциацияси томонидан Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида ташкил этилмоқда.
Унда “Radisson”, “Hilton”, “Accor”, “Marriott”, “Wyndham” ва бошқа глобал меҳмонхона тармоқларининг минтақавий етакчилари ҳам қатнашади.
Қайд этилишича, форум доирасида II-Миллий меҳмондўстлик мукофотини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтади. Ушбу лойиҳа 2022 йилда бошланган бўлиб, 27 та меҳмондўстлик номинацияси тақдим этилади.
Маълумот учун, жорий йилда яна бир қанча операторлар Ўзбекистон меҳмонхона бозорига чиқишни режалаштирмоқда. Хусусан, “Holiday Inn”, “Curio Collection by Hilton”, “Intercontinental” 2023 йилнинг биринчи чорагида меҳмонхоналарни ишга тушириш бўйича якуний ишларни амалга оширмоқда.
2023 йил январь ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 4000 дан ортиқ жойлаштириш объектлари фаолият кўрсатмоқда. Улардан 2458 таси меҳмон уйлари ва ётоқхоналар, 1200 дан ортиқ меҳмонхоналар, 66 таси сертификат олган дам олиш масканларидир.