ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатнинг барча собиқ давлат раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев хабар берди.
Учрашув нейтрал ҳудудда бўлиб ўтган. Унда Асқар Акаев (1991-2005), Қурманбек Бакиев (2005-2010), Роза Отунбаева (2010-2011), Алмазбек Атамбоев (2011-2017) ва Сооронбай Жээнбеков (2017-2020) иштирок этган.
Жапаров ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида учрашув ҳақида пост эълон қилган.
“Аввалги барча президентлар билан уларни бир стол атрофига йиғиб, учрашув ўтказдим”, - деб ёзади у.
Жапаровнинг сўзларига кўра, собиқ давлат раҳбарлари унинг “бир мушт бўлиш” ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Йиғилишда улар “ғазабини билдирган, норозиликларини айтган, бироқ шу билан бирга камчиликларини ҳам тан олган”.
“Ва энг муҳими, улар бир-бирларини кечира олишди! Менинг мақсадим ҳам шу эди”, - деди Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир собиқ президентнинг сиёсатида фожиали воқеаларга олиб келган камчиликлар ва хатолар бўлган.
“Бироқ, кечира билиш ва кечирилиш дин нуқтаи назаридан ҳам, аждодлар урф-одатларида ҳам буюк анъанадир. Агар биз Қирғизистон ривожланишини истасак, эски хафагарчилик ва норозиликлардан воз кечишимиз керак”, - деган Жапаров.
У Қирғизистоннинг ҳар бир фуқаросини бирлашишга чақириб, аввалги давлат раҳбарларининг ҳеч бирига шахсий даъвоси йўқлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев ҳибсдан озод этилган эди.